Ўзбекистон республикаси вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси
Ўзбекистон республикаси таълим муассасаларининг миллий рейтинги
+998 71 231-07-53
Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани,
Нурхон кўчаси, 21 уй

Савол/Жавоб

Бугун шиддат билан ривожланиб бораётган дунёда инсон капиталига эҳтиёж ва уни ривожлантириш асосий мақсадлардан бири бўлиб қолмоқда. Инсон капитали жаҳон даражасидаги университетларни ўз ичига олган рақобатбардош ва мослашувчан таълим тизимига асосланган. Бутун дунё бўйлаб барча олий таълим муассасаларининг ходимлари ўз университетларининг нуфузи учун кураш олиб боради ва таълим муассасаларининг глобал рейтингида юқори ўрин учун курашади.

ОТМлар рейтинги – бу маълум бир билим соҳасидаги энг яхши олий ўқув юртлари, уларнинг ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва таълим бериш фаолиятининг сифатини баҳоловчи мезондир.

Рейтингнинг мақсади Республикамиз олий таълим тизимида соғлом рақобат муҳитини пайдо қилиб, жамият учун халқаро талабларга мослашувчан миллий кадрларни тайёрлашда бош мезон вазифасини бажаришдир. Амалдаги рейтинг тизими олий таълим муассасаларининг рақамли кўрсаткичлари бўйича миқдорий маълумотларга асосланган бўлиб, рейтингда иштирок этувчи таълим муассасаларининг асосий фаолиятини тўлиқ қамраб олади.

Мамлакатимиз ОТМлари миллий рейтинг тизими яратилиб натижалари оммага эълон қилиниши профессор-ўқитувчилар, талабалар, абитуриентлар, иш берувчилар ва бутун жамоатчилик орасида бугуннинг долзарб мавзусига айланган. Бунда ОТМларни рейтинг баҳолаш тизими бизга нима беради деган савол барчани қизиқтириши табиий.

Рейтинг баҳолаш тизими республикамизда фаолият юритаётган таълим муассасаларини халқаро андозаларга мос равишда юксалтириш ва етук мутахассислар тайёрлашда соғлом рақобат муҳитини яратувчи замин бўлиб хизмат қилади.

Энг муҳими, маҳаллий ОТМлар фаолиятининг рейтинг баҳоланиши келгусида уларнинг халқаро майдонда ўз ўрнини эгаллаши учун доимий ҳаракатда бўлишига сабаб бўлади.

Миллий ОТМларимизнинг нуфузли хорижий рейтингларда юқори ўринларни банд қилиши пировард мақсадларимиздан биридир.Бунинг учун ОТМлар фаолиятида халқаро тажрибани кўпроқ қўллаб, илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланишга кенгроқ имкониятлар яратиш зарур.

Рейтинг баҳолаш тизимида хориж тажрибаси ҳақида гапирадиган бўлсак ОТМларда хорижий профессор-ўқитувчилар ва талабалар салмоғини ортиши, хориж инвестицияларининг жалб қилиниши, алмашинув дастурларининг қўлланилиши ва маҳаллий олий таълим муассасаларининг жаҳондаги ривожланган олий ўқув юртлари қаторига қўшилишига замин яратади.

Миллий рейтинг баҳолаш тизимини шакллантиришда дунёнинг ривожланган рейтинг тизимлари ўрганилди. Рейтинг тизимини яратишда улардан таълим тизимимизга мос келадиган ва жаҳон талабига жавоб берадиган индикаторлардан андозалар олинди.

Масалан THE (Times Higher Education) рейтинг тизимидан 12 та индикаторлар: обрўни ўрганиш (мукаммал тадқиқот), халқаро ходимларнинг маҳаллий ходимларга нисбати, иқтибослик, нашрлар, халқаро ҳаммуаллифликдаги нашрлар, илмий-тадқиқот фаолиятидан топилган маблағлар, институционал даромад, умумий ўқитувчи-талабалар сони, PhD даражасига эга бўлганлар, PhD/профессор ўқитувчилар сони, сўровнома ўтказиш, хориж талабаларининг маҳаллий талабаларга нисбати каби рейтинг тизимини баҳоловчи мезонлардан Ўзбекистон таълим тизимига мос келадиганлари таҳлил қилиниб танлаб олинди.

QS (Quacquarelli Symonds) рейтинг тизимидан 6 та индикаторлар: обрўни ўрганиш, факултетларнинг халқаро муносабатлари, иқтибослик, талаба-факултет нисбати, иш билан таъминланиши, хориж талабалари нисбати чуқур ўрганиб чиқилган.

BGU (Ben-Gurion University) рейтинг баҳолаш тизимидан 10 та индикатор олинган бўлиб, улар қуйидагилар: халқаро тадқиқот обрўйи, ҳудудий тадқиқот обрўйи, жами иқтибослик, талаб даражасидаги иқтибосликлар, нашрлар, топ 10 фоиздаги иқтибослик нашрлардаги ўрни, топ 10 фоиздаги иқтибослик нашрлардаги улуши, халқаро ҳамкорлик, PhD даражасига эга бўлганлар, ҳар бир профессор-ўқитувчилар жамоасида PhD даражасига эга бўлганлар сони.

U-Multi rank рейтинг баҳолаш тизимидан 17 та индикатор ўрганилиб таҳлил қилинди: фанлараро нашрлар, халқаро академик жамоа, иқтибослик даражаси, тадқиқот нашрлари, халқаро ҳамкорликдаги нашрлар, энг кучли иқтибослик нашрлари, ташқи тадқиқотдан даромадлар, халқаро докторлик даражалари, ижодий ишлар, PhD даражалари, бакалавр/магистр битирувчиларининг фоизи, олий ўқув юртини ўз вақтида тамомлаш, талабаларнинг ҳаракатланиши, хорижий тил дастурлари, халқаро докторлик даражаси, бакалавр/магистр битирувчиларининг ҳудудларда ишлаши, талабаларнинг ҳудудларда амалиёт ўташи кабилардир.

Бундан ташқари, Бразилиянинг Folha, Чилининг El Mercurio, Хитойнинг ARWU, Қозоғистоннинг Мустақил Қозоғистон сифати, Таълим бўйича кафолати, Литванинг Veidas, Македониянинг ARWU, Малайзиянинг сифат агентлиги, Покистоннинг олий таълим комиссияси, Польшанинг Perspectywy таълим фондлари, Буюк Британиянинг Mayfield университет маслаҳатчилари, АҚШнинг янгиликлар ва дунё ҳисоботи ва Туркиянинг URAP рейтинг баҳолаш тизимлари атрофлича ўрганилиб миллий рейтинг баҳолаш тизимини ишлаб чиқишда фойдаланилди.

Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, олий ўқув юртларининг рейтинг баҳолаш тизимида юқори ўринни эгаллаши учун илмий-тадқиқот ишлари асосий ўринни эгаллайди. Бизнинг ОТМлар профессор-ўқитувчиларининг кўп вақти ўқув жараёни ва бошқа ташкилий ишларга сарфланаётгани боис илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланишга деярли вақт топа олишмаябди. Хориж тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, ОТМлар профессор-ўқитувчилари асосан илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланиб, илмий мақолалар ёзиш, дарсликлар, ўқув қўлланмалар, монографиялар ёзиш, шунингдек амалий ва фундаментал лойиҳалар асосида маблағ топиш билан шуғулланишади.

Кўрсаткичларнинг турлари:

Миллий: Фақат миллий рейтинг тизимларида фойдаланилади

Дунё: Фақат дунё рейтинг тизимларида фойдаланилади

Миллий ва Дунё: Ҳам миллий ҳам дунё рейтингларида фойдаланилади

Ҳажм боғлиқлиги:

Ҳажм мустақиллиги кўрсаткичлари

Ҳажм боғлиқлиги кўрсаткичлари

Шахсий кўрсаткичлар (Шахсий фикрлар сўровномасига асосланган)

Кўрсаткичларнинг кириш ва чиқиш характеристикалари:

Чиқиш: чиқиш тадқиқоти (нашрларнинг сони) ва таълим (докторлик даражасига эга бўлганлар, битирувчиларни иш билан таъминлаш)

Жараён: таълим, бошқарув ва тадқиқот жараёни (Академик бошқарув, институтдаги таълим дастурини баҳолаш)

Кириш: молиявий, таълим ва тадқиқот ресурслари (бюджет, тадқиқот фондлари)

Институт бойлиги: институтнинг махсус маблағи ва хажми (ўқув дастурларининг сони, факультет/ўқитувчиларнинг сони)

Кўрсаткичлар суб-категориялари:

Тадқиқот кўрсаткичлари

Академик нашрлар ва таъсир

Тадқиқот хажми ва фонд

Технологик ўтказма

Таълим кўрсаткичлари:

Талаба профили ва хизматлар

Академик дастурлар ва аккредитация

Иш билан таъминлаш

Ўқитиш сифати кафолати ва таҳлил

Докторант талабалар портфели

Институт фактлари ва Чизмалар

Факулътет профили ва Ривожланиш

Таълим имкониятлари ва Ресурслар

Бошқарув ва ташкилий фаолиятлар

Кўрсаткичларнинг боғлиқлик категориялари (%да).

Миллий

Дунё

Ҳажм мустақиллиги

59.9

41.5

Ҳажм боғлиқлиги

23.2

46.7

Шахсий

16.9

11.8

Умумий

100.00

100.00

Кўрсаткичларнинг кириш ва чиқиш характеристикалари (%да)

Миллий

Дунё

Чиқиш

39.1

72.5

Жараён

12.8

0.00

Кириш

16.4

1.54

Институт бойликлари

31.7

25.9

Умумий

100.00

100.00

Жаҳонда ОТМлар рейтинг тизими миллий ва дунё рейтинг тизимларига бўлинади. Миллий рейтинг тизимлари университетлар фаолиятини кенгроқ ёритиб беришга асосланган бўлиб, уларда кўрсаткичлар сони кўпроқ бўлади, масалан Буюк Британия миллий рейтинг тизимида 42 та, Жанубий Корея миллий рейтингида ҳам 42 та кўрсаткич, АҚШ университетлари рейтингида 39 та, Буюк Хитой рейтингида 22 та кўрсаткичдан фойдаланилади. Дунё рейтинг тизимида энг кўп кўрсаткич THE агентлигида 13 та, ARWUда 10 та, LEIDENда 7 та бўлиб улар энг асосий кўрсаткичлар ҳисобланади. Қуйидаги жадвалда улар билан танишиш мумкин:

Миллий рейтинг тизимлари

Кўрсаткичлар

Дунё    

рейтинги

тизимлари

Кўрсаткичлар

Буюк Британия-Мукаммал университет йўлбошчиси

42

THE

13

АҚШ-АҚШ университетлари янгиликлари

39

ARWU

10

Македония-МакедониянингHEI рейтинги

35

LEIDEN

7

Малайзия - Setera

32

SCImago

7

Хитой-Буюк Хитой рейтинги

22

QS

6

Полша-Perspectywy

19

URAP

6

Қозоғистон-Қозоғистондаги олий таълим муассасалари рейтинглари

18

HEEACT

5

Туркия-URAP-TR

18

WEBOMETRICS

4

Бразилия-RUF Folha’s университети рейтинги

12

Литва-Veidas

12

Чили-EI Mercurio

9

Покистон-HEC

9

Юқорида келтирилган 12 та миллий рейтинг тизимлари 190 кўрсаткичдан ташкил топган, 8 та дунё рейтинг тизимлари 44 та кўрсаткичдан ташкил топган. Кўрсаткичларнинг 24 таси ҳам миллий, ҳам дунё рейтинг тизимларига киритилган. Миллий рейтинг кўрсаткичларининг 166 тасини фақат миллий рейтинг агентликлари томонидан ишлаб чиқилган. Дунё рейтинг кўрсаткичларининг 44 тадан 20 таси фақат дунё рейтинг агентликлари томонидан ишлаб чиқилган.

Кўрсаткичлар

Фақат миллий

166

Фақат дунё

20

Ҳам миллий, ҳам дунё

24

Миллий рейтинг тизимлари томонидан шаклланган энг юқори 10 та кўрсаткичлар:

Юқори кўрсаткичлар

Миқдор

Ҳар бир факультетдаги талабалар (тўлиқ вақт)

10

Кираётган талабаларнинг сифати

8

Факультетдаги PhD (%)

8

Нашрлар (SCI, SSCI)

5

Халқаро талабаларнинг фоизи

5

Ҳар бир факулътетдаги хориж талабалари

5

Хар бир талабадан фойда

4

Аккредитация қилинган доктор дастурининг сони

4

Умумий иқтибослар

3

Таълимнинг сифати

3

Дунё рейтинг тизимлари томонидан шаклланган энг юқори 10 та кўрсаткичлар:

Юқори кўрсаткичлар

Миқдор

Умумий иқтибослар

3

Нашрлар (SCI, SSCI)

3

Энг яхши фоизи (SCImago Top10%)

2

Энг яхши тадқиқот сўрови

22

Факультетдаги ҳар бир талаба (тўлиқ вақт)

2

Ҳар бир факультетдаги нашрлар (SCI, SSCI)

2

Халқаро талабаларнинг фоизи

2

Халқаро факультетнинг фоизи

2

Number of Inlinks from 3rd Parties

1

Хар бир факультетдаги иқтибослар

1

Ўзбекистон Республикасида ОТМлар фаолиятини рейтинг баҳолаш мақсадида Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 декабрдаги “Республика олий таълим муассасалари рейтингини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 371-сон қарори билан 20 та таълим сифатини белгиловчи кўрсаткичлар амалиётга жорий қилинган. Ўтган давр ичида ушбу кўрсаткичларни такомиллаштириш ва халқаро андозаларга мослаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилган.

2017 йил декабрь ойидан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ўз фаолиятини бошлаган бўлса, ўтган 6 ой давомида 23 та рейтинг индикаторлари тўлиқ қайта ишлаб чиқилди ва тажриба-синов тариқасида амалиётга жорий қилинди. Бугунги кунда эълон қилинган ОТМлар рейтинги ана шу индикаторлар асосида ҳисоблаб чиқилган.

Юқорида қайд этилган Вазирлар Маҳкамасининг 371-сонли қарори билан тасдиқланган ОТМлар рейтинги тузилмаси (20 та кўрсаткич) базавий маълумот сифатида олинди ва дунёнинг етакчи давлатлари рейтинг тизимларининг кўрсаткичлари билан солиштирма таҳлил қилинди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан таклиф этилган рейтинг индикаторлари инспекция мутахассислари тузган индикаторлар билан бирлаштирилиб, муҳокама учун республикамиздаги мавжуд барча ОТМларга тарқатилди. ОТМлардан фикр-мулоҳазалар олинди ва таҳлил қилиб чиқилди. Шундан сўнг, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 7 мартдаги 9-Қ/Қ ва 22-Қ/Қ-сонли қўшма қарори билан 23 та индикатор тажриба-синов тариқасида амалиётга жорий қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспексияси ташкил қилиниб ОТМлар рейтингини аниқлаш вазифаси давлат инспексиясига юклатилди. Давлат инспексиясида рейтинг индикаторларини ишлаб чиқишда Жанубий Корея, Япония, Хитой, Малайзия, Англия, Россия Федерацияси каби мамлакатлар ва QS (Quacquarelli Symonds), ARWU (Academic Ranking of World Universities), THE (Times Higher Education) каби йирик рейтинг агентликларининг услубиёти ўрганиб чиқилди ва Ўзбекистон ОТМлари рейтинг индикаторлари билан солиштирилиб таҳлил қилинди, натижада, 59 та рақамли кўрсаткичлар асосида ҳисобланадиган 23 та рейтинг индикаторларини ўз ичига олган 4 та бўлимдан иборат миллий рейтинг тизими ишлаб чиқилди.

Юқоридаги индикаторларнинг жорий қилиниши ОТМларнинг 2017 йилдаги фаолиятига оид маълумотларни таҳлил қилишдан бошланди. Бунинг учун тегишли вазирлик, идоралар ва олий таълим муассасаларидан фаолиятига оид маълумотлар йиғиб олинди ва мутахассис-экспертлар ёрдамида таҳлилий ўрганилди.

Жумладан, Давлат статистика қўмитасидан ОТМлар битирувчиларининг ишга жойлашиши тўғрисидаги маълумотлар, Олий аттестация комиссиясидан диссертация ҳимоялари тўғрисидаги маълумотлар, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан янги чоп этилган дарслик ва ўқув қўлланмалар ҳақидаги маълумотлар рейтинг баҳолаш тизими учун қабул қилинди. Маълумотларнинг асосий қисми ОТМларнинг ўзидан олинди. Ҳар бир маълумот учун асословчи ҳужжат талаб қилинади. Масалан, илмий мақола учун, мақола чоп этилган журналнинг муқоваси, мундарижаси, мақола чоп этилган бетларидан электрон нусха тақдим этилади ва албатта ушбу журнал ОАК томонидан тасдиқланган рўйхатда бўлиши шарт. Илмий тадқиқот ишлари орқали топилган маблағларни асословчи ҳужжатлар сифатида ушбу маблағнинг ҳақиқатан ҳам ОТМ ҳисобига келиб тушганини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси, тузилган шартномалар нусхалари, агар хорижий грант бўлса халқаро ташкилотнинг ушбу маблағларни тақдим этганлигини исботловчи ҳужжатлар нусхаси электрон шаклда тақдим этилиши керак.

ОТМлар фаолиятини рейтинг баҳолаш 100 фоизлик (190 балл) мезонга асосланади. Рейтинг тизимининг биринчи бўлимида “Профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаолияти” ўрганилиб 10 та индикаторни ташкил этади, бу бўлимга жами 34 фоиз (65 балл) белгиланган. Иккинчи бўлим “Ўқув-услубий ишлар ва ўқитиш сифати” тўғрисида бўлиб, 5 та индикатордан иборат унга жами 30 фоиз (57 балл) ажратилган. Учинчи бўлим “Талабалар билими ва битирувчилар сифати” ҳақида бўлиб, 5 та индикаторни ўз ичига олади ва унга 28 фоиз (53 балл) берилган. Тўртинчи бўлим “Ўқув жараёнининг моддий-техник таъминланганлиги, АКТни қўллаш ва бошқалар” 3 та индикатордан иборат бўлиб жами 8 фоиз (15 балл)ни ўз ичига олади.

Миллий рейтинг тизимини доимий такомиллаштириб бориш ва таълим сифатини белгиловчи янги индикаторларни қўшиш Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг асосий вазифаларидан биридир. Навбатдаги рейтинг баҳолаш тизимига таълим муассасаларидаги ижтимоий-маънавий муҳит, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ўз Ватанини севиши, унинг олдидаги ўз бурчларини қай даражада англашини ҳисобга олувчи кўрсаткичларни ҳам қўшиш режалаштирилган.

Жорий йилда ишлаб чиқилган рейтинг баҳолаш тизимига кўра мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий ОТМларнинг филиаллари қўшилмаган. Бунинг асосий сабаби, улар хорижий ОТМларга бўйсуниши ва ўқув дастур ва стандартларининг бизнинг ОТМлар ўқув дастур ва стандартларидан тубдан фарқи қилишидир. Келгусида миллий рейтинг тизимини такомиллаштириш ва янги индикаторларни жорий қилиш орқали хорижий ОТМлар филиалларини ҳам баҳолаш кўзда тутилган.

Рейтинг бўйича натижалар тайёр бўлгандан кейин Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспексиясининг интерактив веб-порталида ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Рейтинг натижалари ОТМларнинг эгаллаган ўринлари кетма-кетлигида рўйхат шаклида берилади ва унга асосий кўрсаткичлар инфографикалари илова қилинади. Бундан ташқари рейтинг баҳолари асосида республикада олий таълимни ривожлантиришнинг ҳолати тўғрисида, олий таълим муассасаларининг илмий-педагогик фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш, унинг самарадорлигини, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш даражаси ва сифатини ошириш бўйича таклифлар берилади.

Бундан ташқари Республикамиз таълим муассасаларида кадрлар тайёрлаш сифатининг умумий ҳолати бўйича мониторинг олиб бориш ва таълим муассасалари рейтингини аниқлаш мақсадида узлуксиз таълимнинг қуйи бўғинлари учун ҳам рейтинг индикаторлари ишлаб чиқилди. Ҳозирги кунда ушбу индикаторларни тажриба-синов тариқасида амалиётга жорий қилиш учун тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар имзоланди.

Жумладан, Мактабгача таълим муассасаларида таълим сифати мониторингини олиб бориш ва рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисида Низом лойиҳаси ишлаб чиқилди ва тасдиқлаш учун Мактабгача таълим вазирлигига юборилди. 12 та индикатор жорий қилиниши режалаштирилган.

Халқ таълим тизимида таълим сифати мониторингини олиб бориш ва мактаблар рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди, унга 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб мактабларда таълим сифатини ўрганишга оид 11 та индикатор жорий қилинади.

Касб-ҳунар таълим тизимида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг касбий фанлар бўйича таълим тайёргарлиги даражаси ва сифати мониторингини ўтказиш ва таълим муассасалар рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисида Низом ишлаб чиқилди. Бунда 8 та индикатор тасдиқланди ва амалиётга жорий қилиш учун тайёргарлик ишлари қилинмоқда.

Шунингдек, академик лицейлар учун ҳам Академик лицейларда таълим сифати мониторингини олиб бориш ва улар рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисида Низом лойиҳаси ишлаб чиқилиб тасдиқланди. Унга кўра 2018-2019 ўқув йилида 8 та индикатор амалиётга жорий қилинади.

Миллий рейтинг тизимини такомиллаштириш бўйича Давлат инспекцияси халқаро ташкилотлардан Жанубий Кореянинг KEDI (Korean Education Development Institute), халқаро PISA (The Programme for International Student Assessment) ташкилоти, Корея университетининг таълим кенгаши (Korean Council for University Education, KCUE), Корея Университетининг аккредитация институти (Korea University Accreditation Institute, KUAI), UNESCO, Франциянинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Европа таълим фонди, Финляндиянинг “Entre оf Nеw Eduacion” (.О.Н.Э) консалтинг компанияси, UNICEF халқаро ташкилоти ва Жаҳон банки (The world bank) билан ҳамкорлик қилган.

2019 © Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларининг миллий рейтинги